Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Бугунги кунда дунё миқёсида металл ва конструкцион материалларга бўлган талаб жуда юқори бўлиб, уларда кечадиган коррозияни олдини олиш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу борада коррозиядан ҳимояловчи, агрессив муҳитга чидамли композицион полимер қопламалар (КПҚ) олиш технологиясини яратиш ҳамда агрессив муҳитда ишлатиладиган асбоб - ускуналарни ушбу қопламалар ёрдамида коррозиядан ҳимоялаш муҳим аҳамият касб этади. Жаҳонда адгезион мустаҳкам, агрессив муҳитга чидамлиги юқори бўлган композицион қопламаларни олиш имконини берадиган полимер материаллар мавжуд бўлиб, улардан самарали фойдаланилмоқда. Агрессив муҳитда қўлланиладиган композицион полимер қопламалар ишлаб чиқаришда уларнинг таркибига қўшиладиган органик минерал моддаларнинг табиати, тури, таркибига боғлиқлигига алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан бирга озиқ-овқат саноати ичимликлари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган асбоб-ускуналарни коррозиядан ҳимоялашда антикоррозион композицион полимер қопламаларнинг тузилиши ва холатини ўрганиш ва олиш технологиясини ишлаб чиқиш асосий ўрин эгаллайди. Республикада озиқ-овқат, алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш ускуналарини коррозиядан ҳимоялаш учун агрессив муҳитга чидамли материаллар ва улар асосида қопламалар ишлаб чиқариш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиб, рақобатбардош махсулотлар ишлаб чиқариш борасида муҳим натижаларга эришилмоқда. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида «...тадқиқотлар ва инновацияларни рағбатлантиришнинг самарали механизмлари, илмий ва инновацион ишланмаларни қўллаш ... » бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган. Бу борада, озиқ-овқат, алкоголли ва алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқариш ускуналарини коррозиядан ҳимоя қилиш учун композицион полимер материалар ва улар асосидаги қопламаларнинг янги самарали таркибларини ва уларнинг ишлаб чиқариш технологиясини яратиш ва такомиллаштиришга йўналтирилган илмий-тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармони, 2018 йил 25 октябрдаги ПФ-3983-сон «Ўзбекистон Республикаси кимё саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, 2017 йил 23 августдаги ПҚ-3236-сон «2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори ҳамда мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-хуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга ушбу диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.